Сайтка кириу

Конституция халқ манфаати учун хизмат қилмоқда

Конституция аввало инсон ва фуқаро ҳуқуқлари, эркинликларини мустаҳкамловчи ва кафолатловчи, шунингдек ижтимоий тузум асосларини, бошқарув шакли ва давлат тузилиш асосларини, уларнинг ваколатлари ва ўзаро муносабатларини белгилайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади.

Конституциянинг яратилиш тарихига назар солсак ҳам, уни қабул қилишда ҳам бевосита халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларининг, халқ манфаатининг барча нарсадан устунлиги, инсон, унинг ажралмас ҳуқуқларининг энг олий қадрият сифатида эътироф этилганлигини кўришимиз мумкин.

Конституциямизда кўрсатилган ушбу муносабатларни амалга ошириш мақсадида қонунлар ва бошқа қонун ости ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Биз бугунги кунда асосий қомусимизнинг ҳар бир моддасида белгилаб берилган нормаларнинг амалда таъминланаётганлигини кўришимиз мумкин.

Масалан, Конституциямизнинг 2-моддасида Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади, 7-моддасида эса  Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир деб белгиланган. Бугун муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланиши керак эканлиги белгилаб берилди. Натижада ҳар бир раҳбар, маъсул ходимлар жойларга чиқиб, халқимизга муносиб турмуш шароитини таъминлаш мақсадида уларнинг  муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича ижобий ишларни амалга ошираётганлигини кўришимиз мумкин.

Давлатнинг ривожланиши албатта унинг ташқи сиёсати билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Конституциямизнинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати ва уни амалга оширишнинг асосий принциплари белгиланган. Ташқи сиёсий фаолиятнинг бош мақсади- давлат мустақиллиги ва суверенитетини, халқаро майдондаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинчлигин таъминлаш, республиканинг ташқи иқтисодий манфаатларини фаол тарзда илгари суришдан иборат.

Бугунги кунда мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси дунёнинг 130 дан ортиқ давлатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатган, 100 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотларнинг аъзоси ҳисобланади.

Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари тўғрисида сўз юритганимизда, аввало Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгилаб берилган ҳар бир ҳуқуқ Конституциямизда ўз аксини топганлигини айтишимиз лозим. Ва бу ҳуқуқ ва эркинликлар давлат томонидан таъминланади. Масалан, фуқаронинг мулкдор бўлиш ҳуқуқи, меҳнат қилиш ҳуқуқи. Бугун аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожантириш орқали ҳар бир инсоннинг, унинг оиласининг, жамиятнинг, давлатнинг иқтисодий ривожланишига оид бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бизнес Омбудсман институтининг, Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилиши, Ҳар бир оила тадбиркор ёки Ёшлар келажагимиз бунёдкори давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши, божхона тўловлари ставкалари 2 баробар пасайтирилди, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишлар бекор қилинганлиги, фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси — буларнинг барчаси қомусимизда белгилаб берилган ҳуқуқларимизнинг амалда таъминланишига хизмат қилмоқда. Бундай мисолларни ҳар бир соҳада келтиришимиз мумкин. Энг асосийси бу ислоҳатлар халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Хабарингиз бор кучли давлатдан- кучли фуқаролик жамиятига ўтиш тамойили асосида бугун республикамиз ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли кун сайин ошиб бормоқда. Ушбу институтларнинг давлат органлари билан муносабатини тартибга солувчи “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

2014 йил Конституциямизга фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан қатнашиши белгилаб берувчи ўзгартириш киргизилди. Бу ҳуқуқнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Мана шу ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда. Бу эса унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканидан далолат беради.

 

Тахтакўпир тумани адлия бўлими